Мактабгача таълим вазирлиги алоҳида парваришга муҳтож болалар учун байрам тадбири ташкил этди

375

2019 йил 31 май куни Central Park да Тошкент шаҳрининг ихтисослаштирилган ҳамда кўп тармоқли мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчилари учун Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан байрам тадбири уюштирилди.

2019 йил 31 май, Тошкент – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида алоҳида парваришга муҳтож бўлган 800 тарбияланувчи иштрок этди.

“Болаларни ҳимоя қилиш кунида ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчилари учун алоҳида байрам тадбири уюштирмоқдамиз. Ўсиб келаётган авлод учун фаровон ҳаёт ҳамда ишончли ҳимояни таъминлаб бериш ҳар қандай жамиятнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Баъзи болалар соғлиғи бўйича имконияти чекланганлиги туфайли, биз томондан уларга алоҳида эътибор ҳамда ғамхўрлик талаб қилинишини жуда яхши тушунамиз. Айни кунда, Ўзбекистон мактабгача таълим вазирлиги, уларни жамиятга мослаштириш сиёсатини олиб бормоқда. Жорий йилнинг апрель ойида Нукус шаҳрида биринчи реабилитация – таълим муассасаси очилди, шунингдек Тошкент шаҳрида инклюзив йўналишдаги биринчи мактабгача таълим муассасаси иш бошлади. Бу илк қадамлар бўлиб, Ўзбекистоннинг барча болаларини сифатли мактабгача таълим билан тенг таъминлаш бўйича ишлар давом этади”, – деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Байрам тадбири мусиқа, рақс, ижодий маҳорат дарслари, роботатехника бўйича сабоқлар, аниматорларнинг танлови, спорт мусобақалари, параолимпиячилар билан учрашув, 3Д объектли фотоҳудуд каби қизиқарли машғулотларни ўз ичига олган бўлиб, уларда болаларнинг фаол иштроки ҳар бир тарбияланувчининг ёши ва ўзига хос томонларини ҳисобга олган холда таъминланди. Истироҳат боғи ҳудудидаги барча аттракционлар болалар хизматида бўлди.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан уюштирилган ушбу тадбирда,   100 га яқин кўнгиллилар иштрок этиб, улар байрам давомида мутахассислар билан биргаликда болаларга ҳамроҳлик қилдилар.